вторник, 11 августа 2015 г.

Афсонага айланган юлдузлар - Пахтакор-1979

Шарқликмиз, ўзбекмиз, муслиммиз. Табиий, бизда марҳумлар доимо хотирланади, ўлимидан сўнг ҳам эъзозланади. Ғарбдан фарқимиз шу. Сабаби, биз фоний дунёдан кейин боқий дунё борлигига (кўпроқ) ишонамиз ва ўтганларнинг руҳи шод, охирати обод бўлиши учун ибодатларимизда доимо уларнинг ҳаққига дуо қиламиз. Дуоларимиз Яратган даргоҳида қабул бўлишига, марҳумлар эса бу дунёда амали етарли бўлмаган бўлса, дуоларимиз етиб бориб уларга енгиллик беришига умид қиламиз. Демак, марҳумларни бот-бот эслашимиз шундан.

Яна бир сабаб – биз марҳумларни яхши кўрганимиз учун эслаймиз. Уларни ҳозирги бор кишиларга қиёслаймиз, яхши томонини қидирамиз, наздимизда ўтганлар борлардан кўра яхшироқ туюлаверади. Бу қўмсаш ностальгия, дейилади, балки. Аслида улар яхшироқ, зўрроқ бўлмагандир? Аввалги дамларни қўмсаш инсон сифоятида бор бўлгани учун бизга шундай туюлар? Ким билсин. Мен қўшилмаган бўлардим.

“Пахтакор”-1979

Ўша ҳалок бўлган жамоани мен зўрлар ичра зўр, деб биламан. Йўқ, улар ҳалок бўлгани ё мен уларни қўмсаганим учун эмас. Чунки мен у пайтда ҳатто туғилмаган эдим. Нима учун зўр? Собиқ СССР чемпионати салкам Шарқий Европа – Шимол – Осиё чемпионати эмасмиди? Ҳозирда Ўзбекистон чемпионатида чемпион бўлиш, ва ҳатто, Осиё ЧЛда муваффақиятга эришиш собиқ Иттифоқ чемпионатида кучли олтиликка киришдан кўра осонроқ, наздимда.  Ишончим комилки, дейлик, ўша Спартак, Динамонинг учтаси, Арарат ёки Қайрат ҳозирги Аш Шабаб ёки Чонбук Моторздан кучсиз эмас, камида бир бош устун бўлган ўз даври ҳолати билан менгзаганда. Ўша кучли чемпионатда ўз ўрнига эга бўлган, кучли олтиликка кира олган, эндигина юксалиб бораётган, Тошкентга ўйнаш учун келган жамоаларни хавотирга сола олган Пахтакор тарихдаги энг кучли Пахтакор – энг кучли Ўзбекистон терма жамоаси, дейишимга асос бор. Қайтараман, биз уларни вафоти туфайли ҳурмат сақлаш лозимлиги учун ёки фақатгина ностальгия учун эмас, росмана яхши бўлганлари учун эслаймиз. Ўша воқеадан сўнг жафокаш ўзбек футболи орқага кетмадими? Бутун Иттифоқ ҳудудидан гўёки ёрдам бериш учун чақирилган лўттивоз футболчилар жамоани жар ёқасига олиб келдилар. Тўғри, 1982 йилда ўша муваффақият яна такрорланди, лекин бу ҳолат аввалгисидан тубдан фарқ қиларди. Жамоа ўз тарбияланувчиларига таянишни бошлагунича орада 10 йилдан кўпроқ вақт йўқотилди. Ва мана энди Пятницкий, Қосимов, Кечинов, Магомедов, Денисов, Абдураимов, Кабаев каби иқтидорлар билан оғзимиз ошга етади, деб умид қилаётганимизда Иттифоқ йўқ бўлди.

Барча соҳаларда янги ҳаёт, янги орзу-умидлар йўлига чиқдик. Шукрки, мевасини кўряпмиз. Футболда ҳам. Аммо сўнгги йилларда ривожланаётгандек кўринган футболимиз аслида мажруҳ эканлиги ойдинлаша бораётган бир пайтда биз яна ва яна шонли Пахтакоримизни ёдга олаверар эканмиз. Сабаби, улар бизга эталон, ўрнак бўлиб қолган экан. Ўзбек футболи энг кучли бўлган тўртта даврни айта оламан, албатта шахсий фикрим бу – ўша 1970-йиллар охири, 1990-йиллар боши, аввалги ва янги асрга ўтиш даври ва 2010-2011 йиллар. Айнан шу даврларда футболимизда ўз номларини тарихга муҳрлаган кучли футболчилар ўйнаганлар. Покатилов, Ан, Фёдоров, Раҳматуллаев, Исоқов,  Красницкийдан тортиб Оганесян, Шквирин, Пятницкий, Абдураимовгача, ака-ука Шацких, Дўрмонов, Бозоров, Ирисметов, Бугало, Рўзимовдан то Жепаров, Гейнрих, Аҳмедов, Ҳайдаровгача. Лекин мана шу 4 авлод орасида энг кучлиси ва соғиниладигани 1979 йилда ҳалок бўлган футболчилардир. Ишонинг, футболчилар ҳақида афсоналар, ҳикоялар бежизга тўқилмайди, бекордан бекорга тилдан-тилга кўчиб юрмайди – улар ўлиб кетганлари учун эмас, балки росмана афсона бўлганлари учун. Ўлганларнинг ҳаммаси ҳақида афсона тўқилавермайди-ку ахир.

Ҳозир япон ёки форсга гол уриб хурсанд бўлиб юришимизни собиқ СССР таркибида Бразилия дарвозаси тўрини тешган Красницкий ёки дриблинглари билан Европани ҳайратга солган Фёдоров кўрса балки мийиғида кулиб қўйган бўларди. Афсоналар даражаси бошқа бўлган барибир. У рақиблар қайда-ю, бу рақиблар қайда.

Инсон ҳаётини мотамга буркаши маъқул эмас. Ўтганларни эслаб куюниш жоиз эмас. Аммо биз барибир эзиламиз, унсиз йиғлаймиз – футболимиз ҳар сафар тарсаки еганида ўша юлдузларимизни эслаймиз. Ўшалар ҳаёт бўлганида эди, деб хўрсинамиз. Аммо токайгача? Истардикки, ўтганларимизни ҳозир бўлаётган афсусли ҳолат туфайли эмас, шунчаки уларнинг ҳаққига дуо ўқиб қўйиш учун эсласак. Уларни ёдга олганда ҳозир майдонга тўп тепаётганларнинг зўр ўйинларини кўриб юзимизда табассум билан хотирласак. Қани эди, қани эди...

1979 йилда ҳалок бўлган пахтакорчилар:
Идгай Борисович Тазетдинов – Мураббий
Владимир Василевич Чумаков – Шифокор
Мансур Иномжонович Толибжонов – Маъмур
Футболчилар
Михаил Ан
Владимир Фёдоров
Олим Аширов
Равил Агишев
Константин Баканов
Юрий Загуменних
Александр Корчёнов
Николай Куликов
Владимир Макаров
Сергей Покатилов
Виктор Чуркин
Сирожиддин Бозоров
Шуҳрат Эшбўтаев
Владимир Собиров.



Комментариев нет:

Отправить комментарий